10.05.2021

Лицей ўқувчилари учун чет тилини билиш даражасини аниқлаш тести бепул ташкил этилади — ДТМ

Март-апрел ойларида Давлат тест маркази томонидан академик лицейларнинг иккинчи босқич ўқувчилари учун тўртинчи семестр давомида чет тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини бериш бўйича тест синовлари бепул тарзда ташкил этилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

АОКАда Давлат тест маркази томонидан чет тилни билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бўйича 2020 - 2021 йилларда ўтказилган тест синовлари ҳисоботи ва таҳлили ҳамда соҳага оид бошқа масалалар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

ДТМ бошқарма бошлиғи Жавлонбек Нурматов 2020 йилда бажарилган ишлар ва жорий йилдаги жараёнлар ҳақида маълумот берди.

«2020 йилда Давлат тест марказига чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини аниқлаш ҳамда давлат намунасидаги малака сертификатини олиш учун 1 355 нафар талабгор мурожаат қилди.

Тест синовлари натижасига мувофиқ, жами 368 нафар талабгор чет тилини билиш даражаси ҳақида давлат намунасидаги малака сертификатини қўлга киритди. Улар инглиз (233), немис (6), француз (1), араб (99), форс (2), турк (5), корейс (16), хитой (5) ва япон (1) тилларидан малака сертификатига эга бўлди.

2021 йил январ ойида ушбу малака сертификатини олиш мақсадида мурожаат қилган 437 нафар талабгордан 176 нафари сертификатга эга бўлди.

Феврал ойида ўтказиладиган тест синови учун 311 нафар талабгор ариза билан мурожаат қилди, тест синови 24-26 феврал кунлари ўтказилиши режалаштирилган», деди ДТМ бошқарма бошлиғи.

Маълум қилинишича, чет тили ўқитувчиларининг базавий лавозим маошларига ойлик устама белгилаш имтиҳони натижаларига кўра 454 нафар ўқитувчи имтиҳондан муваффақиятли ўтган.

«Чет тили ўқитувчиларининг базавий лавозим маошларига ойлик устама белгилаш учун май ойида ўтказилиши режалаштирилган тест синовлари пандемия сабабли ўтказилмади.

Декабр ойида ўтказилган тест синовида эса жами 4 387 нафар турли таълим тизимидаги педагоглардан 471 нафари биринчи босқичдан муваффақиятли ўтди.

Тест синовининг иккинчи босқичи («гапириш» кўникмасини баҳолаш имтиҳони) эса 19-20 январ кунлари ўтказилди. Ундан жами 454 нафар ўқитувчи муваффақиятли ўтди», деди ДТМ бошқарма бошлиғи.

Жавлонбек Нурматов Давлат тест марказининг 2021 йилги режалари тўғрисида ҳам маълумот берди.

«2021 йил якунига қадар чет тилларидан янги форматдаги кўп даражали тест тизимини амалиётга жорий этиш режалаштирилган. Мазкур тизим халқаро таълим тизими имтиҳонларига мос келиши билан биргаликда, CEФР шкаласининг Б1-Б2-C1 даражаларини ўз ичига олган ягона шаклга эга бўлади. Бунда барча кўникмаларни баҳолай оладиган янги мезонлар ишлаб чиқилади.

Бу борада ҳозирги кунда Давлат тест маркази томонидан нодавлат таълим марказларида биринчи босқич апробация ишлари ўтказилмоқда. Апробация таҳлиллари яқин кунларда Давлат тест маркази сайтида эълон қилинади.

Президентнинг “Иқтидорли ёшларни саралаб олиш ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида 2021 март-апрел ойларида ДТМ томонидан академик лицейларнинг иккинчи босқич ўқувчилари учун тўртинчи семестр давомида чет тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини бериш бўйича тест синовлари бепул тарзда ташкил этилади.

Тест синовидан муваффақиятли ўтган академик лицей битирувчиларига давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида фанлар мажмуасига киритилган мос чет тили фанидан максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи сертификат тақдим этилади», дея таъкидлади ДТМ бошқарма бошлиғи.

Izoh qoldirish

Izohlar